24-08-2018
“Жаҳон бадиий маданияти контекстида ХХ аср ўзбек адабиёти” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани тўғрисида
ХАБАРНОМА
ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти Сизни 2018 йил 12 октябрда ўтказиладиган республика илмий-амалий анжуманида илмий маъруза ва ахборотлар билан иштирок этишга таклиф қилади.
Анжуманнинг ўтказилишига асос бўлган меъморий ҳужжатлар: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 мартдаги 178-сонли фармойиши.
Анжуман ташкилотчилари: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси.
Анжумандан мақсад: ХХ аср ўзбек адабиётининг жаҳон адабиётининг таркибий қисми сифатида шаклланиш йўллари ва тамойилларини аниқлаш, шу асрда етишиб чиққан А.Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Ойбек, Ғ.Ғулом, Ҳ.Олимжон, Шайхзода, Миртемир, Зулфия, Миркарим Осим, О.Ёқубов, П.Қодиров, Э.Воҳидов, А.Орипов, Т.Мурод сингари ёзувчиларнинг ХХ аср ўзбек адабиётининг тараққиётидаги роли ва аҳамиятини ёритиш, улар яратган энг яхши асарларнинг жаҳон адабиёти хазинасига ҳисса бўлиб қўшилганини асослаш, бошқа халқлар ёзувчиларига кўрсатган таъсирини ўрганиш.
Анжуманнинг илмий йўналиши: ХХ аср ўзбек адабиётининг тараққиёт йўли, омиллари, тамойиллари, намояндалари ва уларнинг юксак бадиий савиядаги асарлари.
Муҳокама қилинадиган муаммолар:
1. Социалистик реализм адабиётининг энг яхши намуналари ва жаҳон адабиёти.
2. ХХ аср ўзбек адабиётида бадиий-эстетик тафаккурнинг янгиланиши ва адабий жараён.
3. ХХ аср ўзбек адабиётининг жанрлар бойлиги ва жаҳон адабиёти.
4. ХХ аср ўзбек адабиётида услублар рангба-ранглиги ва жаҳон адабиёти.
5. Жаҳон адабиёти классикларининг ХХ аср ўзбек адабиёти намояндалари ижодига таъсири.
6. Жаҳон адабий-эстетик тафаккури намояндаларининг ХХ аср ўзбек адабиётига таъсири.
7. Модирнизм ва ҳозирги ўзбек адабиёти.
Анжуманнинг ишчи тиллари: ўзбек ва рус тиллари.
Анжуманда иштирок этиш учун талабнома ва мақолалар матни 2018 йил 1 октябргача қабул қилинади.
Анжуманга тақдим этиладиган маърузаларга қўйиладиган талаблар:
- маърузалар юқорида баён қилинган масалалар доирасида;
- шу вақтгача адабиётшунослар томонидан ишланмаган ёки етарли даражада ишланмаган муҳим масалаларга бағишланган, шунингдек,
- турли манбаларда ошкора кўчириб олинмаган бўлиши;
- университет, институт ёки кафедра раҳбарларининг ёзма тавсиялари билан бирга юборилиши лозим.
Анжуман материаллари қуйидаги тартибда расмийлаштирилади:
- мақола матни анжуман мавзусига мос бўлиб, муаммо долзарб, илмий-амалий аҳамиятга эга ва янги фактик материаллар асосида ёритилган бўлиши лозим;
- ҳажми А4 форматда, 14 ўлчовли шрифтда, 8 бетгача, Times New Roman (ўзбек ёки рус тилларида), қаторлар ораси 1,5 интервалда, юқори ва пастдан 2 см, чапдан 3 см ва ўнгдан 1,5 см оралиқда ҳошия ташланган ҳолда тайёрланади;
- мақола сарлавҳаси юқоридан 2 интервал ташлаб ёзилади, муаллиф фамилияси ва исм-шарифи, илмий даражаси ва лавозими сарлавҳа остида (ўртада), унинг остида муассаса номи кўрсатилади;
- мақола матни таҳрир қилинган ҳолда 1 нусхада, электрон шаклда қуйида кўрсатилган Е-mail манзили бўйича Ташкилий қўмита томонидан қабул қилинади;
Ташкилий қўмита томонидан танлаб олинган илмий мақолаларнинг тўплам шаклида нашр этилиши режалаштирилмоқда.
Матнларда услубий ёки имловий хато ва тузатишлар мавжуд бўлса, талабга жавоб бермайдиган иш сифатида қабул қилинмайди.
Ташкилий масалалар бўйича қўшимча маълумотлар олиш учун қуйидаги манзилга мурожаат қилиш мумкин:
Манзил: 100060. Тошкент шаҳри, Шаҳрисабз торкўчаси 5-уй ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти маъмурияти.
Телефонлар: +99897-728-83-76, +99894-454-30-09.
Факс: +99871-233-71-44
Е-mail: dokma@bk.ru, mehribon.yadgarova@bk.ru
Web site: www.tai.academy.uz