Sayt sinov rejimida ishlamoqda

Yagona aloqa raqami (+998) 71 2000036; Ishonch telefoni (+998) 71 2335623

ИЛМИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАМКОРЛИК ЙЎЛИДА

09-06-2021

Мамлакатимизда сўнгги йилларда илм-фанни ривожлантиришга, халқаро ҳамжамият билан бу борадаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ютуқ ва камчиликлар ҳақида ўзаро мулоқот майдонини яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимизнинг бир қатор фармон, қарорлари эълон қилингани бу йўналишдаги ҳуқуқий асосни ҳам янада мустаҳкамлади.

9 июнь куни ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар ва институт олимлари билан икки тамонлама илмий, маданий ҳамкорлик масалалари бўйича учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Институт директори Н.Маҳмудов институтнинг илмий фаолияти, амалга оширилаётган тадқиқотлар, нашр этилаётган илмий рисолалар, олимлар томонидан амалга оширилаётган илмий лойиҳалар хусусида маълумот бериб ўтди. Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакатимизда жамиятда ўзбек тилининг нуфузини ошириш, обрў-эътиборини мустаҳкамлаш борасида қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатлари ва уларнинг ижроси борасида институт томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди.

Айниқса, маданияти ўзаро муштарак бўлган халқларни доими бир-бирининг халқ ижодиёти қизиқтириб келган. Шу сабаб суҳбат давомида профессор М.Жўраевнинг Институт фольклор бўлимида амалга оширилаётган ишлар, хусусун, “Ўзбек халқ озаки ижоди ёдгорликлари”нинг 100 жилдлиги тайёрланаётганлиги ҳақидаги маълумотлари барчани бирдек севинтирди.

Шунингдек, суҳбат давомида филология фанлари номзоди Э.Очилов "Ўзбек адабиёти дурдоналари" 100 жилдлиги нашрга тайёрланаётгани, филология фанлари доктори Ё.Одилов эса социолингвистика соҳасида амалга оширилаётган тадқиқотлар, мазкур соҳанинг истиқболий йўналишлари борасида ёш тадқиқотчиларнинг изланишлари ҳақида гапириб ўтди.

Институт илмий ходимлари, айниқса, ёш олимлар орасида халқаро миқёсда ўтказилиб келинаётган турли хил илмий конференцияларда иштирок этаётган, амалиёт учун чет элга бораётган ва халқаро мукофотларни қўлга киритаётганлар сафи кенгайиб бормоқда. Шундай олимлардан бири Ғ.Исмоилов ҳам Туркия томонидан ташкил этилган қурултойда иштирок этгани ва бу илмий сафари давомида Анқара университети тилшунос олимлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича қилган суҳбатдан катта таассуротлар билан қайтгани ҳақида сўзлади. Шунингдек, олим келажакда  Туркия давлати олимлари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича ўз таклифларини берди.

Институт томонидан айниқса, Туркия давлати билан адабий алоқалар яхши йўлга қўйилгани таъкидланди. Институтнинг директор ўринбосари М.Отажонова Туркия давлати билан адабий алоқалар борасида амалга оширилаётган ишлар ҳакида маълумот берар экан, бунда олимлар, айниқса докторантларнинг академик алмашинувини йўлга қўйиш муҳим эканлигини таъкидлади.

Туркия давлатининг элчиси билдирилган таклиф ва мулоҳазалар борасида ўз фикрларини баён этар экан, Туркия-Ўзбекистон олимлари орасида илмий, керак бўлса шахсий алоқалар жуда яхши йўлга қўйилгани, бу илмий соҳа учун муҳимлиги, бироқ бу муносабатларнинг расмий, юқори даражада ҳам амалга ошириш лозимлиги, бунинг учун илмий ташкилотлар орасида меморандум (шартнома)лар асосида ҳамкорлик истиқболларини аниқ белгилаб олиш ва изчил амалга ошириш лозимлигини таъкидлади.

Самимий кечган икки тамонлама суҳбат охирида Туркия элчиси томонидан институт кутубхонасига 10 жилдли "Büyük Türkçe Sözlük" луғати тақдим этилди.

Институт  томонидан ҳам тил, адабиёт ва фольклор йўналишида чоп этилган илмий рисолалар, китоблар элчи жанобларига совға қилинди. 


×